Коинот, инсон ва Қуръонда TАФАККУР

Қўлингиздаги ушбу асар коинот китобининг сирларини ҳикмат назари ила тамошо қила олмоқ ва у илоҳий саҳналарда намоён бўлган қудрат жилваларини қалб кўзи билан ўқий олмоқ учун бир раҳнамо моҳиятидадир. Зеро, инсон зоти Қуръони Карим оятлари билан коинотнинг тилсиз ҳайқираётган оятларини бирлаштира олган нисбатда ҳақиқатга восил бўлади.
Ушбу сатрларда коинотнинг кенглигидан инсоннинг ички оламига, Қуръоннинг мўъжизавий баёнларидан Ҳақ дўстларининг, у кўнгил султонларининг тафаккур уфқига қадар чўзилган бир йўл харитасини топасиз. Локин унутмаслик керакки, тафаккур қуруқ ақл юритиш эмас, балки руҳоний бир одоб ишидир. Худди зикрсиз фикр қанотсиз қушга ўхшагани каби тафаккур ҳам фақат зикруллоҳ ила омухта бўлгандагина қалбни тирилтирувчи бир файз манбаига айланади.
Ниёзимиз шулки, ушбу асар фақат зеҳнда қоладиган маълумотлар тўплами эмас, балки ҳолга, мақомга ва солиҳ амалга айланадиган, ҳаётда акс этадиган жонли бир нурга ва ҳидоят чироғига васила бўлсин.


Тасаввуф иймондан эҳсонга

Қўлингиздаги ушбу "Имондан эҳсонга: Тасаввуф" деб номланган Усмон Нурий Тўпбош ҳазратларининг асари қалб оламининг чуқур сирларига очилган сокин бир эшикдир. Мазкур китоб инсоннинг энг улуғ имтиҳони бўлмиш нафс ва унинг битмас-туганмас ҳийлаларини танитади. Шунингдек, нафснинг моҳияти, унинг даражалари ҳамда тарбия қилинмаса, инсон ва Ҳақ орасида қандай пардага айланишини ҳикмат назари билан баён қилади.
Китобда қалбнинг Илоҳий назар тушадиган шарафли бир макон бўлиши учун қандай қилиб лойиқ бўлиши, қалбни тасфия (поклаш) ва тазкия (тозалаш) қилиш орқали бутун борлиққа, содир бўлаётган ҳодисаларга ва махлуқотга қандай қилиб раҳмат ҳамда ибрат кўзи билан боқиш мумкинлиги гўзал услубда тушунтирилган. Тасаввуфий тарбиянинг асослари, ирфон йўлининг одоблари ва ахлоқи Муҳаммадийнинг қалбга қандай илдиз отиши ўргатилади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу асар тасаввуфни шунчаки ўқиладиган илм эмас, балки яшаладиган ҳол сифатида тақдим этади. Нафсини ислоҳ қилишга, қалбини тирилтиришга ният қилганлар учун Аллоҳ муҳаббатига, маърифатуллоҳга ва Ҳақ дўстларининг изидан юришга васила бўладиган бир раҳбардир.
Аллоҳ таоло барчамизга ушбу сатрлардан улуш олишни ва қалбларимизни Ўз розилигига мувофиқ равишда ислоҳ қилишни насиб айласин.


Исроф

Исроф фақатгина мол-мулкни меъёрсиз сарфлаб зое қилиш эмас. У ҳаётнинг барча жабҳалари билан боғ- лиқдир.
Шуни яхши билиб олишимиз керакки, еб-ичишда ва кийинишда ҳаддан ошиш, соғлик неъматидан ноўрин фойдаланиб зое қилиш, тафаккурни руҳий камолот сари эмас, нафсоний хоҳиш- истакларга йўналтириш, фойдасиз илм билан машғул бўлиш ва илмни нафсоний манфаатларга қурбон қилиш кабилар ҳам исрофдир. Айниқса тарбияда фарзандларни фақат дунёвий келажак мақсадлари йўлида маънавий тарбиядан маҳрум ҳолда етиштириш исрофларнинг энг каттаси бўлмиш “инсон исрофи”дир. 
Шунингдек, умр неъматини нотўғри йўлларда хазон қилиш, ибодатларни ихлос ва хушуъсиз адо этиб, уларнинг гўё ичини бўм-бўш қилиб (руҳиятсиз) қўйиш ҳам даҳшатли исрофдир. 
Мана шу нуқтаи назардан аввалроқ “Altınoluk” журналимизда берилган “Шундай раҳматки” деб номланган асаримизда ёритилган “Исроф” мавзуси ҳозирги кун масалалари доирасида долзарб деб топилгани ҳамда таҳририятимизга келган талаб ва таклифларга биноан мустақил китобча кўринишида сиз қадрли ўқувчиларимизга тақдим этмоқдамиз. 


Муҳаммад Мустафо (Саллоллоҳу Алайҳи Ва Ссалам)


Саодат Асри Жамияти

Турли мақолаларимиздан тўплаб ва баъзи янги мисолларнинг ҳам иловаси билан ёзилган ушбу китобда, у муборак аср моҳиятини яна ҳам яхши идрок қилинишини мақсад қилдик. Ушбу мақсад билан, иймон, ибодат, муомала ва ахлоқда қанчалар мухлислик уйғотувчи ривожланишнинг ҳукм сурганига доир, у асрнинг ҳисобсиз ибрат ва фазилат тасвирларидан баъзи мисоллар билан мавзумизни яна ҳам аниқ бир ҳолатга келтиришни орзу қилдик. Ушбу китоб Саодат Асри Жамиятининг исломий яшаш тарзи, иймон мустаҳкамлиги, ибодатга бўлган эътибори, бизларга ибрат бўлган гўзал аҳлоқи ҳақида маълумот беради. Инсониятни зулматдан нурга чиқарган Исломнинг тенгсиз гўзалликларини, айниқса назокат ва латофатини фақатгина Саодат Асрининг кўнгил иқлимига кира олишлик билан яқиндан ўргана олишлик мумкин бўлади. Китоб ислом тарихига қизуқувчи ва кенг китобхонлар оммасига мўлжаланган.